Болалар боғчаларида 2018 йил якуни бўйича ўтказилган текширув натижасида 11 миллиард сўмлик молиявий қонунбузарликлар аниқланди.
Мактабгача таълим вазирлигининг 10 январда билдиришича, бу маблағнинг 47 фоизи ўғирланган ва ноқонуний ишлатилган. Қизиғи шуки, ноқонуний ишлатилган маблағнинг 40 фоизи боғчага расман ишга қабул қилинган, амалда эса ишламаган шахсларга ойлик қаторида берилган.
Вазирликнинг билдиришича, бундай йўл орқали боғча мудирлари ноқонуний равишда даромад кўрганлар, ишга расмийлаштирилган, аммо амалда ишламаган “ўлик жон”лар эса меҳнат стажига эга бўлганлар.
Вазирлик текширувчилари биргина Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 9-боғчада 19 та “ўлик жон” борлигини аниқлаган. Уларга жами 592 миллион сўм ойлик иш ҳақи ёзилган.
Самарқанд туманидаги 6-боғчада шундай йўл билан 100 миллион сўм, Хоразм вилояти Урганч туманидаги 4-боғчада эса 46 миллион сўм ноқонуний ўзлаштирилган.