Қўшма Штатлар Николас Мадурони Венесуэла президенти сифатида тан олмайди. АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Твиттер саҳифасида мана шу ҳақда ёзди.
Мадуро 10 январда ўтган қасамёд келтириш маросимида бу баёнотга муносабат билдирар экан:
-Венесуэла Шимолий Америка империализми ва унинг сателлитлари бошлаб берган жаҳон уришининг марказида турибди. Улар қасамёдга келтириш каби конституциявий, расмий, юридик ва тинч тадбирни бизнинг мамлакатимизга қарши жаҳон урушига айлантирмоқчи бўлишди,-деб айтди.
Жон Болтон Твиттердаги саҳифасида АҚШ Мадурога нисбатан босимни кучайтиришини ҳамда асосан мухолифат вакилларидан иборат бўлган Венесуэла парламентини қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилди.
Николас Мадуро иккинчи муддат президентликка 2018 йилнинг якунида сайланган эди. Мухолифат сайлов қонунбузарликлар билан ўтганини айтмоқда. АҚШ эса Мадурони диктатор сифатида талқин қилади.
Мадуро Уго Чавес вафот этганидан сўнг 2013 йилда ҳокимиятга келган эди.
2018 йилда Венесуэлада иқтисодий вазият кескин ёмонлашди, бу ердаги инфляция даражаси йилига бир миллион фоизга етди. Мамлакатнинг кўпчилик шаҳарларида асосий маҳсулотлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Милионлаб одамлар иш излаб Венесуэлани тарк этди.