Бош прокуратура: 23 яшар йигитнинг ўзини осганига ҳокимиятидаги йиғилиш сабаб бўлмаган

Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура Наманган вилояти Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит ўз жонига қасд қилишига туман ҳокимиятида ўтган йиғилиш туртки бўлмаганини билдирди.

“Ҳозирда, ўлим холати юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Бош прокуратуранинг билдиришича, йиғилишда Ш. А.га нисбатан ҳеч қандай эътирозлар тилга олинмагани аниқланди ва ота-онасининг сўзларига кўра, у ҳокимиятдаги йиғилишдан яхши кайфиятда келган, ота-онасига нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани маълум эмас.

Озодлик радиоси Наманган вилояти Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит 9 январь куни ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эди.

Ҳамқишлоқларининг айтишича, йигит осилган ҳолда топилган куни фермер отасининг ўрнига туман ҳокимлигида ўтказилган мажлисда қатнашган.

Туман ички ишлар бўлими мулозими Озодлик радиосига йигитнинг ўлимига мажлиснинг алоқаси йўқлигини айтар экан, бу воқеа юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини билдирган эди.