Помпео: Саудия Хашоггини ўлдирганларни жазолаш мажбуриятини бажаришини тасдиқлади

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ар Риёдда 14 январь куни саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашди.

Саудия Арабистони таниқли журналист Жамол Хашоггининг қотилларини жавобгарликка тортиш бўйича “ўз мажбуриятини бажаришга тайёр” эканини тасдиқлади. Бу ҳақда журналистларга 14 январь куни Ар Риёдга борган АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Помпеонинг айтишича, Саудия қироли Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон “қотиллар жазога тортилиши лозимлигини яхши тушунадилар”.

АҚШ разведкаси Хашоггини ўлдиришга валиаҳд шаҳзода кўрсатма бергани тўғрисида маълумотлар мавжуд эканини эълон қилган эди. Саудия Арабистони бу айбловини инкор қилган.

Саудия ҳукмдорларига мухолиф қарашдаги журналист Хашогги 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия қироллиги консулхонаси биносида ўлдирилган эди.

Агентликлар Хашшогини ўлдирганликда гумонланган 21 одам Саудияда қўлга олинганини билдирган. Айни пайтда улардан 11 нафарига нисбатан суд жараёни бошланган.