Президент Шавкат Мирзиёев «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун 17-18 январь кунлари Ҳиндистонга боради.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматининг билдиришича, амалий ташриф Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига асосан амалга оширилмоқда.
«Давлатимиз раҳбари саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди, шунингдек, Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсат масалаларини муҳокама қилиш учун Бош вазир Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади», дейилади хабарда.
Бош вазир Нарендра Моди ташаббуси билан 2003 йилдан буён Гандинагар шаҳрида ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилот ва трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, етакчи таҳлилчилар, экспертлар иштирок этади.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонда борган эди.
20-22 январь кунлари эса Мирзиёевнинг Германияга расмий ташриф билан бориши режалаштирилган.
Берлин шаҳрида Федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказилади.
Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.