Ўзбекистонда Қозоғистонга юборилган Sanofi инсулини шприц-ручкалари ноқонуний сотилаётгани аниқланди.
Бу ҳолат Ўзбекистондаги Anhor.uz ва Қозоғистондаги “Ҳуқуқий медиа марказ” журналистлари томонидан ўтказилган суриштирув натижасида аниқланди.
Журналистлар Тошкентдаги аптекаларда қозоқ тилидаги маркировка мавжуд бўлган бир нечта шприц-ручкани сотиб олган. Уларнинг нархи инсулиннинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги улгуржи нархидан анча арзон бўлган.
“Ҳуқуқий медиа марказ” журналистлари бу инсулин Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакат шифохоналарига бепул тарқатилиш учун сотиб олинганини аниқлади.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда инсулин қандай йўллар билан Ўзбекистонга ўтиб қолганини ўрганаётганини билдирди.
Anhor.uz журналистларининг аниқлашича, инсулин Жанубий Қозоғистон вилоятидан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб ўтилади. Бу жараён йил давомида тўхтамайди.
“Ўзбекистонда инсулин таъминотининг ўта пастлиги контрабандага омил яратмоқда. Ноқонуний инсулин бепул эмас, лекин аптекаларда барча солиқлар ва тўловлар тўланганидан сўнг сотиладиган инсулиндан анча арзон”, деб ёзади Anhor.uz.