100 000 сўмлик пул дизайнини Олий Мажлис Сенати маъқуллади

15 январь куни Олий Мажлис Сенати 100 000 сўмлик банкнот намунаси ва дизайнини маъқуллади, деб хабар қилди Марказий банк Telegram каналида.

Марказий банкка кўра, 100 000 сўмлик номиналдаги банкнот аҳоли учун нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш; нақд пулларни сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш;
аҳолига банкоматлар орқали хизмат кўрсатишда самарадорликни ошириш; муомаладаги нақд пуллар таркибини оптималлаштириш мақсадларида муомалага чиқарилмоқда.

Айтилишича, 100 000 сўм қийматдаги банкнотлар жорий пул массаси доирасида чиқарилади ҳамда унинг ўсишига таъсир кўрсатмайди.

Янги номиналдаги банкнотнинг кўриниши, таснифи ва чиқарилиш санаси Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Янги банкнот чиқарилаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик радиоси хабар қилган эди.