“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти Германия канцлери Ангела Меркелни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида матбуот эркинлиги масаласига эътибор қаратишга чақирди.
Ташкилотнинг билдиришича, Ўзбекистонда интернет ҳамон қаттиқ назорат остида қолмоқда, мустақил сайтларнинг кўпчилиги тўсиб қўйилмоқда, танқидий нуқтаи назарда бўлган журналистлар эса мамлакатга киритилмаяпти.
“Мирзиёев мамлакатда сўз эркинлиги масаласида косметик чоралар билан чекланмаслиги зарур. Мустақил журналистлар воқеани биринчи шахслар воситасида ёритиш имконига эга бўладиган муҳитни яратиш керак. Ўзбекистон немис туристлари учун визани бекор қилган ҳолда журналистларга тўсиқ қўяётгани абсурддан бошқа нарса эмас”, дейилади мурожаатда.
“Чегара билмас мухбирлар” Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг қамоқда ётган журналистлар озод этилганини эътироф этган, аммо ташкилот бу иш янги президентни “одамларга яхши кўрсатиш мақсадида амалга оширилган” ҳаракатдан бошқа нарса эмас¸ деб ҳисоблайди.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти озодликка чиқарилган журналистларни ноҳақ қамаган, уларни қийноққа солган одамлар жазолашни ва ноҳақ қамалганлар тўлиқ реабилитация қилинишини талаб қилмоқда.
Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича 180 давлат орасида 165-ўринни эгаллаб келмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи 20-22 январь кунлари бўлиб ўтади.