Келиб чиқиши ўзбек бўлган АҚШ фуқароси Мансур Мақсудий Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларининг бир қисмига даъвогарлик қилмоқда. 16 январь куни бу ҳақда Швейцариянинг Der Bund газетаси хабар берди.
Мансур Мақсудий Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов қизининг собиқ эридир.
Нашрга кўра Мансур Мақсудий укаси Фарид билан биргаликда Швейцария прокуратураси музлатиб қўйган 800 миллион франкдан 100 миллионига даъвогарлик қилаяпти. Бу пуллар Гулнора Каримова ва бошқа шахслар пул ювишда айблангани ортидан 2012 йилда музлатиб қўйилган эди.
Гулнора Каримова Мансур Мақсудийга 1991 йилда турмушга чиққан эди. Улар 2001 йилда ажрашиб кетганлар.
“Улар ажрашганларида Мансур ва Фариднинг Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча мулклари тортиб олинди. Уларнинг Coca-Cola Bottlers Uzbekistan ширкатидаги улушлари ўртамчи фирма воситасида Швейцариянинг Zeromax ширкатига ўтказилган”, деб езди Der Bund.
Мансур Мақсудий эса газетага: “Менинг оилам бу ўғрилик жазоланмасдан қолишига йўл қўймайди. Бу ишга озгина бўлса ҳам алоқадор бўлган шахсларга осон бўлмайди”, деб айтди.