Facebook: Мирзиëев мухлислари сайти Россиядан бошқарилган!

Facebook мана шу саҳифа ҳам Москва томонидан бошқарилганини маълум қилди.

Facebook ширкати Facebook тармоғи ва Instagram’даги камида 300 саҳифани “мувофиқлаштирилган тарзда ишончсиз ҳаракатларни амалга оширганлик”да гумонлаб ўчириб ташлади.

Facebook 17 январда эълон қилинган ҳисоботида бу саҳифалар Кремлнинг лойиҳаси бўлган “Россия сегодня” агентлиги ҳамда унга қарашли “Спутник” интернет нашри томонидан постсовет давлатларида тўғри бўлмаган маълумотларни тарқатиш учун фойдаланиб келинганини билдирди.

“Бу иш бошқа мамлакатдан туриб амалга оширилган. Масалан, Тожикистон президентига бағишланган саҳифа Россияда очилган. Яна бир саҳифа “Шавкат Миромонович Мирзиёев тарафдорлари томонидан бошқарилиши” иддао қилинган бўлса-да, аслида Россиядан туриб бошқарилган”, дейилади ҳисоботда.

Биргина 2017 йилнинг 10 октябрида бу каби саҳифалар Грузия, Арманистон, Латвия, Литва, Эстония, Қирғизистон, Тожикистон ва Чеченистон учун ҳам Facebook тармоғида ташкил қилинган. Бу саҳифаларда “Спутник” интернет нашри хабарлари, асосан Россия тарғиботига мўлжалланган маълумотлар, жумладан, нотўғри маълумотларга асосланган хабарлар бериб борилган.

Ўзбекистон учун «Узбекистан, я принес вам новости» деган рус тилидаги саҳифа ҳам ташкил қилиниб, ундаги барча маълумотлар Google саҳифасига олиб чиққан. Google эса “Спутник Ўзбекистон” сайтига ишорат берган. Бу иш маълумот манбасини реклама қилмаган ҳолда “Спутник Ўзбекистон” сайти трафигини ошириш мақсадида амалга оширилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон президентига оид маълумотлар ижобий руҳда бериб борилган. НАТО ва Болтиқбўйи давлатларидаги руслар аҳволи ҳақида асосан салбий маълумотлар берилган.

Биргина Тожикистон, Ўзбекистон ва Чеченистон президентларига бағишланган саҳифаларнинг 150 мингта обуначиси бўлган.

“Спутник Ўзбекистон” сайти 17 январь куни Facebook саҳифаларининг ўчирилишига муносабат билдирар экан: “Facebook ижтимоий тармоғи Sputnik ахборот агентлигига тегишли бўлган 500 дан ортиқ саҳифаларини ўчириб ташлади. Sputnik маъмуриятида бундай қадамни “фақат сиёсий сабабларга кўра” ва “ҳақиқий цензура” деб аташди”, деб хабар берди.

Бироқ Facebook ҳисоботида “Спутник” интернет нашрига таалуқли эканини яширган ва ўзларини мустақил манба сифатида тақдим қилганлар ижтимоий тармоқ востасида “маълумот тарқатилаётган давлатларда жамият орасида адоват уруғини сочишга” уринган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Facebook киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Натаниель Глейхер мазкур саҳифаларни бошқаришда “Россия троллар фабрикаси”, деб айтиладиган “Интернетни тадқиқ қилиш маркази”нинг иштироки борлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Санкт -Петербургда жойлашган ва Кремлга алоқадор тадбиркор Евгений Пригожин томонидан молиялаштириладиган бу марказ Facebook, Google ва Twitter орқали Россия манфаатларини тарғиб қилиш мақсадида ёлғон хабарларни тарқатишга ихтисослашгани айтиб келинади.