Тожикистон телеканалларида ўпишиш саҳналарини кўрсатиш тақиқланди

Тожикистон давлат телеканали фильмлардаги энг оддий севги саҳналарини ҳам олиб ташлашни буюрди. Хусусан, эндиликда мамлакатда ўпишиш, қучоқлашиш ҳамда жинсий алоқа акс этган саҳналарни эфирга узатиш ман этилади.

Тожикистон расмийлари сўзларига кўра, Телевидение ва радио қўмитаси тожик миллий-маданий қадриятларини тарғиб қилиш бўйича 2018 йилнинг бошида қабул қилган қарорни бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида шундай қарорга келинган.

18 январь куни Қўмита раиси ўринбосари Маҳмадшариф Бобошоҳзода беҳаё саҳналарни кесиб олиб ташлаш фильмлар мазмунига таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади.

Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда Бобошоҳзода:

- Бор-йўғи бир неча сонияга чўзиладиган саҳналар олиб ташланади, - деди.

Эндиликда барча фильмлар – совет даврида олинган фильмлардан тортиб, Голливуд блокбастерларигача муҳаррир текширувидан ўтади. Янги қоида бўйича цензура қилинган фильмлардан бири совет даврида ишланган ва собиқ СССР давлатларида ҳали-ҳануз севимли бўлиб қолаётган “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг” фильми бўлди. Унда бош қаҳрамонлар Женя ва Надя тўлиқ уст-бошда қучоқлашган бир неча саҳна бор. Хусусан, саҳналарнинг бирида Женя Надянинг юзини ва сочларини ўпади. Тожикистонда 31 декабрь куни ушбу фильм мазкур саҳнасиз эфирга узатилди.

Душанбе турғунларидан бири Саёф Мизроб севимли фильмидан “зарарсиз саҳна” олиб ташланганидан мамнун эмаслигини айтди:

- Улар тўшакда ёки яланғоч эмас. Бу шунчаки эҳтиросли лаҳза, фильм кулминацияси холос, - деди Мизроб.

Мизроб Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда бошқа собиқ совет давлатларидаги миллионлаб одам каби янги йил арафасида оила даврасида ушбу фильмни томоша қилишини айтар экан, шундай деди:

- Мен учун фильм якунини барбод қилишди.

Давлат телеканали расмийлари эса тожик қадриятларидан келиб чиқиб номақбул саҳналар олиб ташланаётганини айтишди.

- Айрим мамлакатларда хориж фильмларини намойиш қилаётиб, аёлларга ҳижоб кийгизишади. Улар ўз маданиятларидан келиб чиқиб, шундай қиладилар, - деди Бобошоҳзода.

Аммо Тожикистон расмийлари Эрон каби давлатлардан фарқли ўлароқ, аёлларнинг танасини хиралаштириш ёки бошқа тасвирлар билан беркитишни режалаштираётгани йўқ.

Тожикистон расмийлари кейинги йилларда миллий қадриятларни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Хусусан, расмийлар тожикистонлик ота-оналарни фарзандларига арабча исмлар ўрнига соф тожикча исм қўйишга чорлаб келади. Бундан ташқари, тожикистонликларга русча -ев ва -ов қўшимчаларидан воз кечиш тавсия қилинган.

Ўтган йилда ҳукумат эркаклар ва аёллар учун “тавсия қилинадиган” дресс-код ишлаб чиқди.

Расмийларнинг беҳаё саҳналарни цензура қилиши тожикистонликларни бундай саҳналарни кўришдан бутунлай асраши мушкул, чунки кўплаб одам сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган телеканалларни кўради. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб цензура пичоғи тегмаган дискларни осонликча топиш мумкин.