Россиянинг Магнитогорск шаҳрида янги портлашлар тўғрисида миш-мишлар тарқалди, бир нечта маъмурий бино эвакуация қилингани хабар қилинди. Бу хабарларни “спам” эканини таъкидлаётган маҳаллий ҳукумат “провокацияга учмасликка” даъват этмоқда.
Челябинск вилояти Магнитогорск шаҳрининг бир нечта муассасаси террорчилик ҳужумлари борасида олган аноним хатлардан кейин эвакуация қилинди.
Маҳаллий ахборот воситалари хабар қилишича, номаълум хабарчи шифохоналар, ўқув масканлари ва савдо марказлари миналаштирилгани тўғрисида хабарларни юборган. Жумладан, маҳаллий хавфсизлик хизмати Магнитогорск шаҳар 1-сонли шаҳар шифохонаси электрон манзилига 21 январь куни тунги соат 3-ларда қуйидаги мазмундаги огоҳлантириш хати келиб тушганини тасдиқлади.
“Биз уюштирган иккита портлаш ҳукумат аҳоли хавфсизлигини таъминлай олмаслигини яққол кўрсатди. Биз бинода бомба борлигини хабар қилгандик, аммо ҳукумат бунга бепарво қолди. Худди шундай маршрут такси билан боғлиқ маълумот инобатга олинмади. Энди биз сизга электрон кўринишда огоҳлантириш юбораяпмиз”, дейилади шифохонага келиб тушган хатлардан бирида.
Минтақавий ФСБ бошқармаси ушбу маълумот текширилаётгани ва хат муаллифини топиш ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
Айни дамда, ижтимоий тармоқларда Магнитогорскда бир нечта мактаб, хусусан 31 декабр куни кўп қаватли уй портлаб кетган кўчада жойлашган “Лёвушка” хусусий мактаби ва 52-сонли ўрта таълим мактаби эвакуация қилингани, яна бир нечта мактаб кинологлар ёрдамида текширилгани хабари чиқди.
Бироқ, шаҳар маъмурияти 6-сонли мактаб ва шаҳар шифохоналари одатий режимда ўз ишини давом эттираётганини билдирди.
Магнитогорск шаҳар маъмурияти расмий сайтида аҳолига “провокацияларга учмаслик” тўғрисида чақириқ эълон қилинди.
- Магнитогорск шаҳрида спам кўринишидаги аноним хатлар тарқалмоқдаки, унинг асосий мақсади – шаҳарда вазиятни издан чиқариш ва аҳоли ўртасида саросима уйғотишдир, дейилади расмий хабарда.
Магнитогорскда 2018 йилнинг 31 декабр куни портлаш оқибатида вайрон бўлган бино остида қолиб, 42 киши қурбон бўлганди, бинонинг бир подъезди ўпирилиб тушганди.
Бироз вақт ўтиб яна бир портлаш маршрут таксисида содир бўлган эди.
Бу икки портлашнинг ўзаро боғлиқлигини инкор этиб келаётган Россия ФСБси кўпқаватли бино портлашига маиший газ сабаб бўлганини тахмин қилмоқда. Терговчилар портлаш содир бўлган жойларда портловчи моддалар қолдиқлари аниқланмаганини эълон қилди.
Бирмунча вақт олдин террорчи ташкилотлар фаолиятини кузатиб бораётган SITE Intelligence Group ташкилоти Al Naba араб газетасига таяниб “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти Магнитогорскдаги қўпқаватли уй ва маршруткадаги портлашларни ўз зиммасига олганини хабар қилганди.
Россия Тергов Қўмитаси бунга жавобан “Ислом давлати” жангарилари баёнотларига ишонмасликка чақирди.
Охирги йилларда Россиянинг турли ҳудудларида содир бўлган барча террорчилик ҳужумларида кавказликлар ва Марказий Осиё ўлкаларидан келган муҳожирлар айбланган.