22 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Германиянинг Мюнхен шаҳрида Бавария минтақаси Бош вазири Маркус Зёдер билан учрашди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича¸ Германиянинг энг бой минтақаси раҳбари билан учрашувда¸ асосан¸ савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари тилга олинган.
Расмий хабарларга кўра¸ Мюнхенда Тошкент раҳбари Германиядаги етакчи ширкатлар ва банклар раҳбарлари билан ҳам учрашган.
Бавария Бош вазири ва бизнес етакчилари билан учрашувда “Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли корхоналар очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди”¸ деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Аввалроқ ўзбек томони Мирзиëевнинг Германияга ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форумда 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани, бошқа битимлар бўйича ишлар давом этаётгани”ни билдирган эди.
Ҳозирча Германия ҳукумати ва бизнес ширкатлари Ўзбекистон билан эришилгани айтилган 8 миллиард евролик лойиҳаларга оид келишувлар ҳақида матбуотга маълумот бермади.