Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Алишер Усмоновнинг ушбу марказга қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилганини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Миноваровдан келтирган иқтибосда айтилишича¸ «коллекциядан шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар чоп этилган лотин, инглиз, француз, немис тилидаги ноёб китоблар жамланган». Бу коллекция орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам борлиги айтилмоқда.
Асли наманганлик миллиардер Алишер Усмонов 2018 йилнинг 20 декабрь куни Forbes журналининг Россия нашрига берган интервьюсида Англиянинг «Арсенал» футбол клубини сотишдан кўрган фойдасини Ўзбекистондаги лойиҳаларга¸ хусусан¸ Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига сарфлаганини билдирган эди.
“Тошкентдаги Ислом марказига аллақачон 100 миллион доллар ëтқиздим»¸ деган эди бу суҳбатда Россиянинг энг бой одамларидан бири саналадиган Усмонов.
Ҳозирча 8 миллион долларлик ноëб китоблар коллекциясининг Усмонов ажратганини билдирган 100 миллион доллар ҳисобидан олинган-олинмаганига оид маълумот йўқ.