Киберфирибгарлар Uzcard брендидан фойдаланаётгани маълум қилинди

Uzcard карточкаси.

Умумреспублика процессинг маркази киберфирибгарлар томонидан Uzcard бренди фойдаланилгани юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда 22 январь куни маълум қилинди.

Процессинг маркази эълон қилган расмий маълумотда айтилишича, номаълум шахслар томонидан uzcard.uz расмий сайти интерфейси нусхаланиб, Uzcard тўлов тизими номидан WEBSUM билан ҳамкорликда акция ташкил этилган.

Киберфирибгарлар мазкур акция доирасида ўз карта рақамларини киритиб, пул ўтказган шахслар юборилган пул жўнатмасининг муайян миқдорида фоизларга эга бўлишини ваъда қилганлар.

«Ушбу акция Uzcard банклараро тўлов тизими томонидан ташкиллаштирилмаган. Ҳозирда компаниямиз томонидан ушбу қаллоблик ҳодисаси юзасидан тергов ишлари бошланган бўлиб, яқин кунларда унинг натижалари борасида сизларни хабардор этамиз», — дейилади расмий баёнотда.

Процессинг маркази uzcard.org, uzcard.com, uzcard.info доменлари Uzcard брендига ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини ҳам билдирди.