Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суданда рус ёлланма жанггарилари мавжудлигини биринчи марта тан олди.
-Бизда мавжуд маълумотларга қараганда, Суданда ҳақиқатан ҳам Россиядаги хусусий ҳарбий ширкатлар ходимлари ишламоқда. Уларнинг Россия давлат органларига алоқаси йўқ. Уларнинг фаолияти фақат Судан Республикаси Қуролли Кучларига мутахассислар тайёрлаб бериш билан чекланади,-деди ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 23 январь куни ўтган брифингда.
Россия расмийси айни пайтда рус жанггарилари Судандаги норозилик намойишларини бостиришда иштирок этгани тўғрисида ғарб матбуоти тарқатган хабарларни фейк деб атади.
Ғарб матбуоти биринчи марта бундан бир йил аввал Суданда рус жанггарилари мавжудлигини ёзиб чиққан эди. Хабарларда айтилишича, жанггарилар президент Владимир Путинга яқин бўлган бизнесмен Евгений Пригожинга мансуб бўлган “ЧВК Вагнер” ширкати томонидан ёлланган. Бироқ Россия бу маълумотларни шу кунгача тан олмай келаётганди.
Айни пайтда АҚШ разведка қўмитаси 2017 йилда қароргоҳи Санкт-Петербургда бўлган “Россия тролл фабрикаси” деб номланувчи "Интернет тадқиқот агентлиги" ҳам Евгений Пригожинга тегишли эканини билдирган. Бу агентлик АҚШда 2016 йилда ўтган президентлик сайлови пайтида, Трампни олқишлаб, Клинтонни ёмонотлиқ қилиш учун курашганига оид ҳисобот АҚШ разведкаси томонидан эълон қилинган.
Ўтган йилнинг февраль ойида АҚШда махсус прокурор Роберт Мюллер Пригожин ҳамда яна 12 нафар бошқа россияликни банк фирибгарлиги, фитна, шахсий маълумотларни ўғирлаш каби жиноятларга қўл уришда айблаган эди.