АҚШ президенти Дональд Трамп 23 январда Венесуэла мухолифати лидери Хуан Гуайдони мамлакатнинг вақтинча президенти сифатида тан олди. Бунга жавобан амалдаги президент Николас Мадуро Венесуэла АҚШ билан дипломатик алоқаларни узганини билдирди. АҚШ дипломатлари 72 соат ичида Венесуэлани тарк этиши шарт.
Мухолифат лидери ва парламент раиси бўлган Хуан Гуайдо 23 январда бир неча кундан бери амалдаги президентга қарши давом этаётган оммавий норозилик намойишлари ортидан ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилган ва қасамёдга келтирилган эди.
Хуан Гуайдони Канада, Бразилия, Аргентина ва Колумбия ҳам вақтинча президент сифатида тан олди. Бундан аввалроқ АҚШ вице президенти Майк Пенс Вашингтон Николас Мадурога қарши мухолифатни қўллаб-қувватлашини билдирган эди:
-Қўшма Штатлар бундан буён ҳам демократия ва эркинлик қарор топгунига қадар бардошли Венесуэла халқини қўллаб -қувватлайди,- деди Майк Пенс.
Европа Кенгаши президенти Дональд Туск Твиттер саҳифасида: “Умид қиламанки, Европа Венесуэладаги демократик кучларни якдиллик билан қўллайди”, деб ёзди.
Венесуэла президенти Николас Мадуронинг тарафдори бўлган Россия эса АҚШ ва бошқа давлатларнинг бу каби ҳаракатларини қоралади.
Николас Мадуро иккинчи муддат президентликка 2018 йилнинг якунида сайланган эди. Мухолифат сайлов қонунбузарликлар билан ўтганини айтмоқда. АҚШ эса Мадурони диктатор сифатида талқин қилади.
Мадуро Уго Чавес вафот этганидан сўнг 2013 йилда ҳокимиятга келган эди.
2018 йилда Венесуэлада иқтисодий вазият кескин ёмонлашди, бу ердаги инфляция даражаси йилига бир миллион фоизга етди. Мамлакатнинг кўпчилик шаҳарларида асосий маҳсулотлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Милионлаб одамлар иш излаб Венесуэлани тарк этди.