Бухорода автобус портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани юзасидан 23 январда бошланган суд жараёнида 30 январгача танаффус эълон қилинди.
Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Бухоро вилоят Вобкент туман жиноят ишлари бўйича судида Учқун Шаропов, Умрзоқ Яхшиев, Сарвар Нарзуллаев, Бобур Тошев ва Намоз Розиқов Жиноят Кодексининг 186-моддаси 4-қисми ”а, б” бандлари (“Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш натижасида одамлар ўлими ва оғир оқибатларга олиб келиш), 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари (Бир гурух шахслар томонидан такроран ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатни қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш) билан айбланиб судланмоқда.
Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 2017 йилнинг 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси воқеадан бир неча соат ўтиб¸ газ баллони портлаган автобус йўловчиларининг Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига маккажўхори теримига кетаëтган мардикорлар эканини билдирган. Озодлик манбалари эса бу шахслар пахта теримига олиб кетилаётганини билдирган эди.
Бухоро вилоят ҳокимининг 2018 йил 19 сентябрдаги фармойиши билан мазкур фожиа натижасида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 000 000 сўмдан, жароҳат олганларга 5 000 000 ва 2 000 000 сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.