Путин АҚШ тан олишдан бош тортган Венесуэла президенти Мадурони қўллашини билдирди

Венесуэлада президент Мадурога қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Венесуэла президенти Николас Мадурони қўллаб-қувватлашини билдирди. Венесуэла мухолифати лидери Хуан Гуайдо ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилгани ортидан Путин 24 январда Мадуро билан телефон мулоқоти ўтказди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақда маълумот берар экан:

-Биз учинчи давлатлар томонидан Венесуэла ички ишларига аралашув сифатида баҳоланиши мумкин бўлган баёнотлар берилаётганидан ташвишдамиз. Биз бундай аралашувга қаршимиз, -деб айтди.

Россиядан ташқари Мадурони Хитой, Эрон, Сурия, Куба ва Туркия ҳам қўлламоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 23 январда Венесуэла мухолифати лидери Хуан Гуайдони мамлакатнинг вақтинча президенти сифатида тан олди.

Бунга жавобан амалдаги президент Николас Мадуро Венесуэла АҚШ билан дипломатик алоқаларни узганини билдирди. АҚШ дипломатлари 72 соат ичида Венесуэлани тарк этиши шарт.

Мухолифат лидери ва парламент раиси бўлган Хуан Гуайдо 23 январда бир неча кундан бери амалдаги президентга қарши давом этаётган оммавий норозилик намойишлари ортидан ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилган ва қасамёдга келтирилган эди.

Хуан Гуайдони Канада, Бразилия, Аргентина ва Колумбия ҳам вақтинча президент сифатида тан олди. Бундан аввалроқ АҚШ вице президенти Майк Пенс Вашингтон Николас Мадурога қарши мухолифатни қўллаб-қувватлашини билдирган эди.