Тошкент вилоят Паркент туманидаги «Қўшчинор» истироҳат боғи ҳудудида 280 туп айлант, қайрағоч, арча ва акация дарахти кесилгани аниқланди.
Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизматига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Айтилишича, истироҳат боғи ҳудудида спорт мажмуаси қурилиши режалаштирилган. Ташкилотчиларда Паркент туман ҳокимиятининг дарахтларни таг қисмидан кесишга ижозат бериш тўғрисидаги 2018 йил 24 ноябрдаги 3128-сонли қарори бўлган. Бироқ унда 82 туп: 35 туп айлант, 15 туп қайроғоч, 10 туп терак, 10 туп акация ва 12 туп арча кўрсатилган.
Шундай қилиб, 198 та дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 229,9 млн сўмни ташкил этади.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган.