Бюджет ташкилотларида мавжуд бўлган махсус қўриқлаш постлари сони мақбуллаштирилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.
Қўриқлаш постлари сонини мақбуллаштириш иши билан Хавфсизлик кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги шуғулланади. Бу икки ташкилот 2019 йил 1 апрелга қадар бюджет ташкилотларидаги мавжуд махсус қўриқлаш постлари сонини танқидий ўрганади ҳамда уларнинг сонини мақбуллаштиришни назарда тутган ҳолда махсус қўриқланиши талаб этиладиган ташкилотларнинг янгиланган рўйхатини тасдиқлайди.
Айни пайтда қўриқчиларни оммавий тарзда ишдан бўшатиш ҳолатлари 2018 йилда биринчи бор кузатилди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида Озодлик радиоси "Шўртаннефтгаз" корхонаси қувурларини қўриқлаш билан шуғулланиб келган 320дан зиёд қўриқчи ёппасига ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар берган эди.
2018 йил ноябридан бошлаб бу вазифа Ички ишлар вазирлигига бўйсунадиган қўриқлаш хизматига топширилган.
"Шўртаннефтгаз" қўриқчилари корхона маъмуриятини меҳнат қонунчилигини бузишда айбламоқдалар. Улар 2018 йил 24 ноябрида Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонаси олдида тўпланиб, норозилик билдирган эди.