ЕИ ижтимоий тармоқларни дезинформацияга қарши курашни кучайтиришга чақирди

Европа Иттифоқининг хавфсизлик масалалари бўйича комиссари Жулиан Кинг.

Европа Иттифоқи ижтимоий тармоқларни баҳорда бўлиб ўтадиган Умумевропа сайловлари олдидан дезинформацияга қарши курашни кучайтиришга чақирди.

-Биз 23-26 майда бўлиб ўтадиган Умумевропа сайловлари арафасида дезинформация масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Шунинг учун интернет ширкатлар ва реклама саноати вакилларига ўтган йилдаёқ бу масалада мурожаат қилганмиз. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш лозим,- деди Европа Иттифоқининг хавфсизлик масалалари бўйича комиссари Жулиан Кинг.

АҚШ ва Европа Иттифоқи сайловларга таъсир кўрсатиш мақсадида Россия фейк хабарлар ва дезинформация билан шуғулланишини айтиб келадилар. Бироқ Россия бу маълумотларни асоссиз, деб инкор этган.

Ўтган йилнинг сентябрида Facebook, Google, Mozilla ва Twitter интернетда фейк янгиликларга қарши кураш бўйича Европа аҳлоқ кодексини имзолаган эди.

Facebook ширкати 17 январда Facebook тармоғи ва Instagram’даги камида 300 саҳифани “мувофиқлаштирилган тарзда ишончсиз ҳаракатларни амалга оширганлик”да гумонлаб ўчириб ташлаганини эълон қилган. Бу саҳифаларнинг барчаси Россиядан туриб бошқарилгани қайд этилган.