Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзи асос солган Akfa компаниясига эгалик қилишда давом этади, бошқарув эса бошқа шахсларга берилган. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти раҳбари пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилгани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Британиянинг Open Democracy компанияси ўз текширувлари асосида Tashkent City лойиҳасида иштирок этаётган айрим компаниялар Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқ эканини маълум қилган эди.
Куни кеча Озодлик "Тошкент ҳокимига қарашли компания ишчилари ўзларининг қулдек ишлатилаëтганини айтмоқда" сарлавҳаси остида мақола ёритган эди.
Gazeta.uzнинг матбуот анжуманидан хабар қилишича, ҳоким Akfa компанияси акцияларига эгалик қилишини тасдиқлади, аммо уни бошқармаслигини айтиб ўтган.
«Akfa — менинг 20 йиллик компаниям. Тан оламан, мен ҳатто тушимда ҳам ҳоким бўлишимни тасаввур қилмаган эдим. Ярим соат олдин эшитганман ҳоким бўлишимни, — деди у. — Аммо 20 йиллик компанияни, тўғрисини айтаман, айтаман, 31 минг ишчиси билан шундай ташлаб кетиш…» - деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ташкент шаҳар ҳокими яна: «Агар чўнтагимда Boeing акцияси бўлса, нима деб ўйлайсиз, уни ҳам ҳоким бўлдим деб берворишим керакми? Ёки Apple акцияси бўлса қўлимда? Мен у компания ишини бошқармайман. Ҳоким бўлдим деб сотишим керакми?» деган.