АҚШ умрбод қамалган уйғур олими Илҳом Тўхтийни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилди

Таниқли уйғур иқтисодчи олими Илҳом Тўхтий.

АҚШ Конгрессининг депутатлар гуруҳи Хитой ҳукумати томонидан қамоққа олинган таниқли уйғур иқтисодчи олими Илҳом Тўхтийни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилди.

Номзод кўрсатиш бўйича тавсияни республикачи сенатор Марк Рубио ва демократлар қаторида ўтирувчи мустақил депутат Берни Сандерс имзолади.

“Бу таклиф бугун энг долзарб бўлиб турган муаммонинг ҳосиласидир. Негаки, Хитой ҳукумати ва Коммунистик партияси инсон ҳуқуқларини қўпол бузишда, миллионлаб уйғурларни ва этник озчилик вакиллари бўлган бошқа мусулмонларни “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамашда давом этмоқда”, дейилади тавсияномада.

49 ёшли Илҳом Тўхтий "сепаратизм"да айбланиб 2014 йилнинг сентябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

У талабалар олдида Хитой ҳукуматининг расмий сиёсатини танқид қилгани, уйғурлар ва миллий озчиликлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида гапиргани ортидан қамоққа олинган эди.