Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги этиб қайта ташкил этилган Матбуот ва ахборот агентлиги президент маъмурияти тузилмасига ўтказилди. Бундан аввал мазкур агентлик Вазирлар Маҳкамаси юрисдикциясида эди.
Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев агентликни қайта ташкил этиш тўғрисидаги фармон ва қарорни имзолаган.
Қарорда айтилишича, агентлик давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ваколатли орган ҳисобланади.
Агентликка оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, матбуот хизматлари фаолиятини яхшилаш ҳамда давлат органлари очиқлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилган.
Қарорга асосан, ҳокимиятнинг барча бутоқлари агентликнинг ахборот соҳасидаги топшириқларини бажаришга мажбур.
Агентлик директори Комил Алламжонов эса президент маслаҳатчиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритади.
Комил Алламжонов 2017 йил декабрида президент матбуот котиби ва давлат раҳбари ижро аппарати раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
2018 йил октябрда эса у президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинганди.