Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 4 февралда икки томонлама ҳамкорликка оид янги шартнома юзасидан музокараларнинг биринчи босқичини бошлайди.
Новости агентлигининг хабар беришича, музокаралар Тошкентда ўтказилади. Унда Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга савдо имтиёзлари бериш, инвестициявий ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Мазкур шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Брюсселга қиладиган сафари доирасида имзоланиши режалаштирилган.
ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик ҳақидаги битим 1999 йилнинг 1 июлида имзоланган амалдаги битим ўрнини эгаллайди.
Европа Иттифоқи Ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2018 йил 23 ноябрь куни Брюсселда ўтган музокаралардан сўнг янги шартнома имзоланиши юзасидан музокаралар ўтказилишини билдирган эдилар.
Ўзбекистонда 7 февралгача музокаралар ўтказадиган Европа Иттифоқи делегациясига Европа ташқи муносабатлар хизмати раҳбарининг ўринбосари Люк Девинь етакчилик қилмоқда.