Ўзбекистон – Қирғизистон савдо айланмаси 2018 йилда 2017 йилдагига нисбатан 189,6 фоизга ўсди. Бу ҳақда Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов маълум қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
-2018 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон-Қирғизистон савдо айланмаси 189,6 фоизга ўсиб, 481 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон Қирғизистонга 348, 2 миллион доллар маҳсулотни экспорт қилган. Қирғизистон эса Ўзбекистонга 132,8 миллион долларлик маҳсулот сотган. Қирғизистон Ўзбекистоннинг савдо айланмасида энг катта улушга эга бўлган 20 давлат қаторига киради.Қирғизистон экспорт бўйича 6-ўринда, импорт бўйича 20-ўринда туради,- деди Комил Рашидов.
Элчининг айтишича, Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 20 фоизини қирғизистонликлар ташкил этмоқда. Унга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион турист келган, улардан 1 миллиони Қирғизистондан. Элчининг айтишича, бу аввалги йилга нисбатан 2,7 баробарга кўпдир.
Айни пайтда қирғизистонлик тадбиркорлар ва иқтисодчилар Ўзбекистон билан савдо алоқаларининг бу каби бир томонлама ривожланишидан норози эканликларини айтмоқдалар.
Иқтисодчиларнинг айтишларича, 2016 йилда Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти 67 миллион доллар бўлган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 348 миллион доллардан ошган. Иқтисодчилар мана шундан келиб чиқиб икки йил ичида Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти деярли беш баробарга кўпайганини айтмоқда.
Қирғизистон эса 2016 йилда Ўзбекистонга 125 миллион долларлик экспорт қилган бўлса, 2018 йилда 132, 8 миллион долларлик маҳсулот сота олган. Икки йил ичидаги ўсиш 10 фоизга ҳам етмаган.
-Ростини айтганда чегараларнинг очилгани биз учун катта зиён бўлди. Ўзбекистон ўзи Қирғизистонга маҳсулот киритиб, Қирғизистон маҳсулотларини ўтказмай қўйди. Масалан, Ўзбекистон 2018 йилда Қирғизистондан 500 минг тонна картошка сотиб олиши лозим эди. Бироқ картошка пишган вақтда Тошкент ўз деҳқонларининг манфаатиларидан келиб чиқиб, бу мажбуриятни бажармади,-деди иқтисодчи олим, академик Жамин Акималиев.
Қирғизистон ҳукумати ўтган йилнинг баҳорида деҳқонларга Ўзбекистон картошка сотиб олишини эълон қилгани ортидан бу маҳсулот ҳаддан зиёд кўп етиштирилган эди. Ўзбекистон бу мажбуриятни бажармагани ортидан эса юзлаб деҳқонлар катта зиён тортди ва айрим ҳудудларда картошкалар чириб кетгани сабабли аҳлатхоналарга ташланди.
Қирғизистон Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш агентлиги директори Шумкарбек Адилбек уулу эса қатор қирғиз ширкатлари Ўзбекистон бозорига киришга ҳаракат қилганини, бироқ бу уринишлар самарасиз якунланганини айтди. Расмийга кўра, бундай вазият: “Ўзбекистон ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорини фаол ҳимоя қилиш сиёсати”ни олиб боргани ортидан юзага келган.
Қирғизистонлик иқтисодчилар ҳукуматни Ўзбекистон билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олишга чақирмоқдалар.
Академик Жамин Акималиев эса бундай вазият юзага келишига қирғиз ҳукуматидаги амалдорларнинг иқтисодий жиҳатдан саводсизлиги сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди.