Алишер Саидаббосович Султонов янги ташкил этилган Энергетика вазирлиги раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, Султонов бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимидан озод қилинган.
«Ўзбекэнерго», «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзбекгидроэнерго» компанияларининг энергетика соҳасидаги давлат бошқарув ваколати президентнинг 23 октябрдаги электроэнергетика соҳасини ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлашни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорига биноан ташкил этилиши кўзда тутилган янги вазирликка берилмоқда.
Энергетика вазирлиги ёқилғи-энергетика мажмуаси фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш бўйича барча масалалар учун жавобгар ҳисобланади.
Мартга қадар электр энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва сотишнинг замонавий тизимларини ишлаб чиқиш, бунда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва тақсимловчи корхоналарга хусусий, шу жумладан хорижий, тўғридан-тўғри инвестицияларни давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосидаги ҳамкорликни кўзда тутган ҳолда жалб қилиш белгиланган.
Алишер Султонов 1967 йилда туғилган,1989 йили А. Ф. Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган. 1996−1998 йилларда «Ўзнефтқайтаишлаш» компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бўйича шартномани бажариш бўйича дирекциясининг ускуна ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда қабул қилишни назорат қилиш бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаган.
1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда — «Ўзбекнефтгаз» компанияси Шўртан қурилиши бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.
«Шўртан газ-кимё мажмуаси» унитар шўъба корхонасига раҳбарлик қилди (2002−2013). 2013−2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» Прогнозлаштириш, ресурслар ва инвестицион дастурлар бош бошқармаси бошлиғи — бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, 2015−2018 йилларда — «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси лавозимларида фаолият кўрсатди.
2017 йил 1 ноябридан бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб келаётган эди.
Аввалроқ президент қарори билан бош вазир ўринбосарлари сони саккизтадан бештага қисқартирилиб, иккита маслаҳатчи лавозими жорий этилган эди.