Тошкентдаги пичоқбозликда 16 ёшдаги ўсмир ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда 22 ёшли Сулаймон С., ва 19 ёшли Сергей Ф., ўртасида қиз талашиш ортидан чиққан жанжал пичоқлашув ва ўлим билан якунланди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг 4 февралда билдиришича, Тошкентнинг Миробод тумани Сарикўл кўчасида 3 февраль куни тахминан 23:40 да муқаддам судланган Сулаймон ва Сергей ўртасида жанжал келиб чиққан.

Сергей ўз дўстлари — 21 ёшли Серикбай ва 16 ёшли Темурни ёрдамга чақиради. Сулаймон муштлашув пайтида Темурга пичоқ санчиб, қочиб кетган. Темур касалхонада хушига келмасдан вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг «Қасддан одам ўлдириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи қўлга олинди.