Қўқонда собиқ милиционер ёрдамида иккинчи хотинини ўлдирган профилактика нозири ва улар бошқарган жиноий гуруҳга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хабарда айтилишича, жиноий гуруҳ устидан ўтган суд жараёнида собиқ милиция ходими рекетирлар бандасига раҳбарлик қилгани исботини топган. Собиқ милиционерга бандани бошқаришда Фарғона вилояти Учкўприк туманида профилактика нозири бўлиб ишлайдиган қариндоши кўмаклашган.
Аниқланишича, профилактика нозирининг икки хотини бўлган. У иккинчи хотини билан шаръий никоҳ асосида яшаган. Уларнинг қизи бўлган.
Орадан вақт ўтиши билан иккинчи хотин эрини биринчи хотинига рашк қила бошлаган ва эрини шантаж қилган. Аёл эрининг икки хотинли экани устидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига шикоят қилмаслик учун 4 минг доллар пул талаб қилган.
Хабарда айтилишича, шундан сўнг 2015 йилнинг 25 апрелида собиқ милиционер ва профилактика нозири аёлни ўлдириб, қабристонга қўмиб қўйган.
Бундан ташқари банда ўғрилик, талончилик ва қароқчилик каби жиноятларни содир этганликда ҳам айбдор деб топилган.
Суд жиноий гуруҳ раҳбарини 20 йилга, профилактика нозирини 19 йилга, гуруҳнинг бошқа аъзоларини эса турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди.