Қозоғистонда яшаётган уйғурлар Шинжон-Уйғур мухториятида 1997 йилда содир этилган зўравонликларда ҳалок бўлган миллатдошларини хотирладилар.
3 февраль куни Олмаотадаги ресторанлардан бирида ўтган хотира тадбирида 500га яқин одам иштирок этди. Улар ҳалок бўлганлар хотирасига Қуръон тиловат қилдилар ва Хитойнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатидан норози эканликларини айтдилар.
Тадбирда уйғурлар билан бирга қозоқ, бошқирд, нўғай, озарбайжон диаспоралари вакиллари ҳам иштирок этдилар. Европадаги Жаҳон уйғурлари конгресси лидерлари тадбирда скайп орқали қатнашди.
1997 йилнинг 5 февралида Шинжон-Уйғур мухториятидаги Или Қозоқ автоном тумани маркази Қулжа шаҳрида Хитой полицияси уйғурларнинг норозилик намойишини куч билан тарқатган эди.
Намойишчилар қатор таниқли уйғур лидерларининг қўлга олинишига норозилик билдириб кўчаларга чиққан эдилар.
Ўшанда расмийларнинг билдиришича 9 нафар, халқаро ташкилотлар ҳисобича юз нафар одам ҳалок бўлган.