Айрим "давлат сирлари"ни жамоатчиликка ошкор этишга рухсат берилди

Олтин валюта-захираларининг йиллик ҳажмлари ҳам Ўзбекистонда сир сақланар эди.

Ўзбекистон ҳукумати бундан аввал давлат сири ҳисобланган баъзи маълумотларни эълон қилишга рухсат берди.

Адлия вазирлигининг Telegram'даги каналида хабар берилишича, бу борада Вазирлар Маҳкамаси 1 февралда қарор қабул қилган.

Қарорга мувофиқ фойдали қазилмаларнинг захира ва ресурслари, уларнинг қазиб олиш ва сотиш ҳажмлари, маблағларнинг тақсимланиш тўғрисидаги маълумотлар; Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” ДКнинг 2013 йилдан бошлаб миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари; 2017 йил 1 январь ҳолатигача давлат олтин валюта-захираларининг йиллик ҳажмлари ва уларнинг таркиби тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш бўйича чеклов олиб ташланган.

Бундан ташқари давлат ва давлат томонидан кафолатланган (ички ва ташқи) қарзларнинг умумий ҳажми, уларнинг манбалари, валюталари, фоиз ставкалари, сўндириш муддатлари, шунингдек қарздор ташкилотлар кесимида ўзлаштирилиши ва қайтарилиши бўйича маълумотлар ҳам жамоатчиликка ошкор этилади.

Бундан аввалроқ – 17 январь куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги олтин захираси билан боғлиқ маълумотларни махфий маълумотлар сирасида чиқариш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.

Қарорда мамлакатда ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган олтин миқдорини махфийлик режимидан чиқариш бўйича чора-тадбирларни 1 ой ичида қабул қилиш назарда тутилганди.

2018 йилнинг декабрь ойида Молия вазирлиги мамлакатда турли соҳаларга оид қатор маълумотларни махфий маълумотлар сирасидан чиқаришни таклиф қилган ва бу таклиф жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Марказий банк 2018 йилдан бошлаб аввал жамоатчиликдан сир тутилган Ўзбекистон олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка вақти -вақти билан билдира бошлаган эди.

2018 йил октябрда эълон қилинган сўнгги маълумотга қараладиган бўлса, Ўзбекистоннинг ялпи олтин-валюта захираси 26 миллиард 400 миллион долларни ташкил этди. Бироқ олтин захираси айнан қанча экани айтилмай келинаётган эди.

Тошкентда 2018 йил декабрь ойи охирларида ўтган матбуот анжуманида Бош вазири ўринбосари ва Молия вазири Жамшид Қўчқоров: “Ҳукумат барча блокларда, хусусан иқтисодиёт блоки ҳақида гап кетганда, доимий равишда ҳамма маълумотларни очиқ-ойдин эълон қилиш тартибига ўтди. Ўзбекистонда қанча олтин захираси мавжудлиги, ўйлайманки, яқин ҳафталарда эълон қилинади. Чунки, у мамлакатнинг бойлиги",- деб айтганди.