GM Uzbekistan ширкати Cobalt автомашинасининг янги намунасини ишлаб чиқариш режасидан воз кечди. Бу ҳақда 5 февраль куни бўлиб ўтган брифингда «Ўзавтосаноат» бошқаруви раисининг ўринбосари Азизбек Шукуров маълум қилди. Янги Cobalt автомобилини 2019 йилдан ишлаб чиқариш режалаштирилган эди.
«Янги Cobalt унчалик ҳам янги эмас. GM Бразилияда бу лойиҳани 2016 йилда амалга оширган, жорий йил сўнгида Cobalt ишлаб чиқаришдан олинади. Эски моделлар ортидан қувишдан маъно йўқ деб ҳисобладик. Ўзбекистонда янги Cobalt ишлаб чиқариш бўйича режалар бекор қилинди», — деб иқтибос келтирди расмий сўзларидан “Газета уз”.
Унга кўра, GM Uzbekistan Malibu седанини ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатишни режалаштирмоқда. Аввалроқ Captiva ишлаб чиқариш ҳам тўхтатилгани айтилган эди.
Азизбек Шукуров уларнинг ўрнига 2019 йилнинг учинчи чораги охирларидан бошлаб иккита янги автомобиль модели ишлаб чиқарилишини билдирди.
«Ўзавтосаноат» вакили яқин ойларда GM Uzbekistan номининг ҳам ўзгаришини маълум қилди.