Қорақалпоғистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Амударё тумани халқ таълими бўлимида текширув ўтказди.
Вазирликнинг Telegram каналида хабар қилинишича, тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишлаётган 5 минг 154 ўқитувчидан 3 минг 115 нафарининг маошидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммунал тўловлар учун ноқонуний равишда, розилиги олинмай пул ушлаб қолингани аниқланган.
Текширувга Kun.uz нашрида чоп этилган мақола сабаб бўлган.
Натижада, "Амударё тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Р. Маткурбанов ҳамда Халқ таълими бошқармаси Марказлаштирилган молия бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси М. Қаландаровлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг беш баравари (1 013 650 сўм) миқдорида жаримага тортилди", деб хабар қилади вазирлик.
Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ойлик маошларидан коммунал тўловлар, хайрия акциялари, турли тадбирлар ва ҳатто, футбол клублари учун мажбурий равишда пул ушлаб қолиниши ҳақида Озодликка ҳам кўплаб шикоятлар келиб туради.
Аммо, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бир мақола ортидан бутун бошли туманда текширув ўтказиб, қонунбузарликка масъул раҳбарларни жазолаши ва бу ҳақда расман баёнот тарқатиши кўп учрайдиган ҳодиса эмас.