Тошкент аэропортининг транзит бўлимида қолган хитойлик қозоқ Бангкокка учириб юборилди

Тошкент халқаро аэропорти

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент халқаро аэропортининг транзит зонасида тўхтаб қолган хитойлик этник қозоқ Бангкокка учиб кетганини маълум қилди.

Ксяйман Халимубиекенинг Тошкент аэропортидан Хитойга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар 8 февраль куни тармоқларда тарқалган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада шундай баёнот берди:

"Оммавий ахборот воситаларининг фуқаро Ксяйман Халимубиекенинг тақдирига доир кўплаб мурожаатлари муносабати билан шуни маълум қиламизки, у мамлакатимизга Қозоғистондан келган ва Тошкент халқаро аэропортининг транзит зонасида бўлиб турган. У Ўзбекистон ҳудудига кирмади ва 9 февраль куни Бангкок шаҳрига учиб кетди".

Бу шахс тақдиридан хавотир билдирган Қозоғистондаги "Атажурт" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, этник қозоқ Халимубиеке ўзи туғилган Хитойдан қочган ва Тошкент аэропортига бориб қолган.

Ҳуқуқ фаоллари хавотирига кўра, у Хитойга қайтарилган тақдирда камида 20 йиллик қамоқ ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди.