Урганчда янги туғилган чақалоқни ўз танишига 200 долларга сотаётган ҳамшира қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 10 февраль куни маълум қилди.
Расмий маълумотда айтилишича, воқеа 6 февраль куни бўлган. Маҳаллий туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган аёл Хоразм вилояти туманларидан бирида яшайдиган танишига 1 миллион 700 минг сўмга, яъни тахминан 200 долларга янги туғилган чақалоқни сотмоқчи бўлган.
«Ҳамшира чақалоқ учун пулни олган ва харидор пулни берган пайтда қўлга олиндилар», дейилади хабарда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида янги туғилган қизини 3 миллион беш юз минг сўм (қарийб 400 АҚШ доллари)га пуллаган фарғоналик аёл 26 январда қўлга олинган.
Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Чечак ота маҳалласида яшовчи З.С. (аёл) эса 3 ёшли ўғлини икки нафар шахсга Талқоқ МФЙ ҳудудида 8 000 000 сўм ва 100 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида қўлга тушган.
Сал олдин Тошкентда ўз фарзандини 300 долларга сотаёган ота-она қўлга олингани хабар қилинган эди.
Ўзбекистон жиноят кодексининг 135 - моддасига мувофиқ, одам савдоси бўйича уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.