Марсга бормоқчимисиз? Чипта учун $500 минг тайёрланг, қайтиш - бепул

SpaceX ширкати асосчиси Илон Маск

АҚШнинг NASA фазо агентлиги ҳамда SpaceX каби хусусий ширкатлар Марсга одам юбориш устида қаттиқ ишламоқда.

SpaceX ширкати асосчиси Илон Маск яқин келажакда Марсда одам яшашига эришишни ваъда қилиб келади. Марсга одам юбориш миссияси билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинганидан кейин, Қизил сайёрага бориш нархи қанча бўлиши кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Маск Twitterда берилган саволга жавоб берар экан, Марсга чипта 500 минг доллардан озроқ бўлишини айтди. Кашфиëтчи-тадбиркор ҳатто Марсга отланган кема чиптаси 100 минг доллардан арзонроқ бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди.

“Нарх талаб кўламига боғлиқ бўлади. Шундай бўлса-да, Марсга бориш (қайтиш чиптаси бепул) бир кун келиб $500 минг, балки $100 мингдан озроқ бўлади. Ривожланган давлатларда яшаётган аксар одам хоҳласа, Ердаги уйини сотиб, Марсга кўчиб бориши мумкин бўлади“, деб ёзди Маск.

Марсга инсон қадами ҳали тегмаган бир пайтда бу ваъданинг амалга ошишига ўн йиллаб керак бўлиши мумкин. Марсга учиб боришга эришилганидан кейин, SpaceX ҳамда NASA каби гуруҳлар Марсда колонияларни яратиш устида бош қотириши керак бўлади.

Яна бир муҳим савол Марсда яшаш шароитининг қандай бўлишидир. Маскнинг ўзи ҳам Марсга отланган илк сайёҳлар ҳалок бўлиши мумкинлигини тан олади. Бундан ташқари, Марсда яшаш осон бўлмайди, чунки у ерда бекорчиликка ёки ҳордиқ чиқаришга деярли вақт бўлмайди.

Кейинги ўн йил давомида Марсга бориш муаммоси фақат чипта харид қилиш даражага етгудек бўлса, Қизил сайёрага отланишга ошиқадиганлар сони кўп бўлишини кутиш мумкин. Аммо масала ўша даражага етишда қолган.