Мамлакатнинг иқтисодиёти ривожланишига, шаҳарнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни истаган журналистлар лойиҳаларни қай тариқа пиар қилиши жуда муҳим.
Бу баёнотни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 11 февраль куни «Business city» лойиҳалари тақдимотига бағишланган маросимда қилгани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Тошкент ҳокимининг фикрича, Ўзбекистонда қурилаётган янги бизнес шаҳарлар ва иншоотларга хорижий инвесторларни жалб этиш энг аввало тўғри ва ўринли «пиар»га боғлиқдир.
Маросимда маълум қилинишича, «Mirzo Ulugbek Business City» лойиҳаси Амир Темур майдонидан Мустақиллик ва Мирзо Улуғбек кўчалари бўйлаб 6,5 км масофада амалга оширилади. «Yunusobad Business City» лойиҳаси эса Янги Шаҳар ва Чинобод кўчалари кесишмасида жойлашган.
Айни пайтда Тошкентда cityлар қуриш шаҳар аҳолига қимматга тушаётганига уйи бузилаётганлардан келаётган кўплаб шикоятлар далилдир. Бу муаммога ҳатто чет эллик журналистлар ҳам эътибор қаратишга улгурган.
Хусусан, Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз¸ ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган эди.
Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган бу мақола Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City - Тошкент Сити лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.