“Меҳрибонлик” уйларига, болалар шаҳарчаларига, болалар уйларининг ҳудудларига ва хоналарига 2019 йил 1 июнга қадар видеокузатув камералари ўрнатилади.
Президент Мирзиёев 11 февраль куни имзолаган “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан Халқ таълими вазирлигига мана шундай кўрсатма берилди.
Бунга қадар қатор оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Озодлик радиосида ҳам "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчиларига нисбатан қилинаётган зўравонликлар ҳақида мақолалар берилган эди.
Бундан ташқари, қарорга асосан 2019 йил 1 мартдан “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, шунингдек, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси 1,5 баробарга оширилади.
2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади.
“Васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 000 сўм миқдорида компенсация тўланади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади”, дейилади қарорда.