Подполковник Санжар Бўронович Жабборов Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Санжар Жабборов бу лавозимга тайинлангунига қадар Олтинкўл туман Ички ишлар бўлимини бошқарган.
10 январь куни ўтказилган селектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëевнинг алоҳида танқидига учраган Андижон Ички ишлар бошқармасининг камида тўрт нафар ходими мазкур мажлисдан уч ҳафтача олдин ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик 14 январда хабар қилган эди.
Ўша куни Бош прокуратура Озодликка Андижон вилояти ИИБ ходимларининг 2018 йил 19 декабрь куни ҳибсга олинганини маълум қилган.
Озодлик манбалари қўлга олинганлар орасида Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўланбой Раззоқов ҳам борлиги, унинг устидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.