Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, Акфа университетида фундаментал, тиббиёт, аниқ ва гуманитар фанлар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.
Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари Университет томонидан белгиланади.
Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида кундузги шаклда амалга оширилади.
Университет битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот сифатида эътироф этиладиган диплом берилади.
Адлия вазирлиги хабарида Акфа университети таълим жараёни инглиз тилида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилажаги айтилган. Бироқ ўқув юртининг қайси чет эл университети билан очилиши тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган.
Озодлик 2018 йилнинг октябрида Жанубий Кореянинг Гачон университети билан ҳамкорликда илк тиббий хусусий олийгоҳ - Akfa университети очилиши кутилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.
Ўшанда, шунингдек, бу ўқув юрти муассиси кейинги йилларда, айниқса, Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг, бизнес ва сиëсий доираларида танилган шахс - Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли Akfa ширкати эканлиги ҳам айтилган.