Истанбул террорчиси сифатида кўрилаётган Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов судда ўзига билдирилган айбловни тан олишдан бош тортди.
“Hurriyet” газетасининг 18 февралда маълум қилишича, Абдулқодир Машарипов судда: “Мен буни содир этмаганман. Ўша кеча қўлида “Калашников” автомати бўлган киши мен эмасман”,- деб айтган.
Ўзбекистон ватандоши бўлган Абдулқодир Машариповга нисбатан суд жараёни 2017 йилнинг 11 декабрида Истанбулдаги Силиври қамоқхонасида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган вазиятда бошланган эди.
У Reina тунги клубига қилинган ҳужумнинг бевосита ижрочиси сифатида террордан 17 кун ўтиб қўлга олинган эди.
Прокурорлар Абдулқодир Машариповга 40та умрбод қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Абдулқодир Машарипов Reina тунги клубидаги ҳужумга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган 57 одамдан бири. Айблов билдирилганлар орасида унинг турмуш ўртоғи Зарина Нуруллаева ҳам бор.
2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубида амалга оширилган ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 69 одам яраланган эди. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.