Парижда антисемитизмга қарши 19 февралда ўтказилган намойишда 20 мингга яқин одам иштирок этди.
Мазкур намойиш Эльзас шаҳридаги Катценхайм қабристонида 19 февраль куни 80га яқин яҳудий қабри таҳқир этилгани ортидан ўтказилди. Исроил раҳбарияти бу воқеани даҳшатли ҳодиса деб баҳолаган.
-Бугун Францияда одамни шок ҳолатига туширадиган ҳодиса содир этилди. Ёввойи антисемитлар 80 яҳудийнинг қабрини нацист рамзлари билан безаб, таҳқирлади. Мен Франция ва Европа лидерларини антисемитизмга қарши қатъий позицияни эгаллашларига чақираман,- деди Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 19 февраль куни.
Франция президенти Эммануэль Макрон намойишчилар олдига чиқмади. Хабарларга қараганда, президент бу воқеага муносабатини 20 февраль куни Елисей саройида яҳудий ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтадиган тамадди пайтида билдирмоқчи.
Парижнинг Республика майдонида ўтган намойишда Франция Бош вазири Эдуар Филипп, пойтахт мэри Анн Идальго, собиқ президент Николя Саркози иштирок этди.
Франциянинг Страсбург, Тулуз, Ницца ва бошқа шаҳарларида ҳам антисемитизмга қарши митинглар ўтказилди.