2019 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорни имзолади.
Бу ҳақда хабар қилган Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматига кўра, Президент мактабларининг асосий мақсади таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат.
Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган таълим муассасалари шаклида ташкил этилади. Таъкидланишича, 2019 йилда дастлабки мактабларнинг қурилиши бир вақтнинг ўзида Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда Хоразм вилоятида бўлади. Ўз навбатида, 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, 2021 йилда Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактабларини ташкил этиш режалаштирилган.