22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий сайтининг “Олий суд раҳбарияти” саҳифасидаги раҳбарлар рўйхатида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари - маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси” деган ёзув олдидаги исм-фамилия ёзиладиган жой бўшаб қолди.
21 февраль оқшомида бу жойда “Деҳқонов Баҳодир Акбаралиевич”, деган ёзув бор эди.
Олий суд раисининг ўринбосари, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Баҳодир Деҳқонов, 21 февраль куни ҳибсга олингани тўғрисида қатор маҳаллий нашрлар хабар қилди.
gazeta.uzнинг ёзишича, Баҳодир Деҳқонов 21 февраль, "куннинг биринчи ярмида ўз хизмат хонасида" қўлга олинган. Бу нашр "ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси"га таяниб хабар қилди.
centre1.com 18 февраль куни бир-биридан мустақил уч манбага таяниб, Баҳодир Деҳқоновнинг 15 февралда эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани тўғрисида хабар қилган эди.
Баҳодир Деҳқоновнинг ишдан олиниш сабаблари тўғрисида ҳозирча расмий маълумот йўқ.