Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликни олдини олишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлади. Бу борада вазирлик расмий сайтида 24 февраль куни маълум қилинди.
“Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳаси беш ой давом этади ва уни амалга оширишда ижобий психология соҳаси мутахассиси, бир қатор илмий нашрлар ва профессионал тақдимотлар муаллифи, АҚШлик профессор Лори Вульф иштирок этади.
“2019 йилнинг июль ойига қадар позитив психология методи Тошкент шаҳридаги тўртта мактабда ҳамда Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Намангандаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида синовдан ўтказилади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва ижобий психология методини ўқитиш орқали буллингни олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, вазирлик ЮНЕСКО билан ҳамкорликда умумий ўрта мактабларда зўравонликни олдини олиш лойиҳасини амалга оширишни январь ойида бошлади.
Лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва зўравонликни олдини олишга бағишланган ўқув материлларини Ўзбекистон шароитига ва қонунчилигига мослаштирилади. Лойиҳада европалик мутахассислар иштирок этиши режалаштирилган.
Озодлик радиоси бунга қадар мамлакатдаги мактабларда юз бераётган зўравонликлар ҳақида қатор мақолаларни эълон қилган эди.