“Ўзбекэнерго" электр ҳақини вақтида тўламаганларга пеня солишни бошлади

Иллюстратив сурат.

“Ўзбекэнерго" электр энергияси учун ўз вақтида ҳақ тўламаган истеъмолчилардан ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,1 фоиз миқдорида пеня ола бошлади. Пенянинг энг катта миқдори кечиктирилган тўловнинг 50 фоизидан ошмаслиги зарур.

“Ўзбекэнерго” расмий сайтида 25 февраль куни билдирилишича, бу тартиб 11 февралдан бошлаб амалга қайта жорий этила бошланди.

Хабарда айтилишича, пеня ҳисоблаш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январь куни қабул қилган 22-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда.

“Газета.uz"нинг ёзишича, 2017 йилнинг 1 январидан ҳукумат қарори асосида “алоҳида фармойиш” бўлгунига қадар пеня ҳисоблаш тўхтатилган эди.

“Пеня электр энергиясини ҳисоблаш ускуналарининг 2019 йил 1 январдан кейинги кўрсаткичлар ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблар олиб ташлангандан сўнг маиший истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлиги миқдоридан ҳисобланади. Шунингдек, ҳисоб-китоб даврининг кейинги ойи 11-санасидан бошлаб амалга оширилган олдиндан тўловлар ҳам ҳисобга олинади”, деб ёзди нашр.