Ватиканда руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши ўтказилган анжуман якунланди

Ватиканда руҳонийларнинг бачабозлигига қарши ўтказилган анжуман 4 кун давом этди.

Ватиканда католик черкови руҳонийлари содир этаётган бачабозликка қарши курашга бағишланган тарихий анжуман якунланди.

Рим папаси Франциск раислигида 21 февраль куни бошланган анжуман 24 февралда ниҳоясига етди. Унда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирок этган.

Анжумандан асосий мақсад руҳонийларнинг бачабозлигига ва болаларга жинсий зўравонлик қилишига қарши кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўлган эди.

-Черков бу каби жиноятларни содир этганларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солади. Черков ҳеч қачон бу каби жиноятларни хаспўшлаш ёки босди-босди қилиш билан шуғулланмайди,-деди Рим папаси.

2018 йилнинг августида Ватиканнинг Вашингтондаги элчиси бўлган архиепископ Карло Марии Вигано Рим папаси экс-кардинал Теодор МакКаррикнинг жинсий алоқалари тўғрисидаги айбловларни “босди-босди” қилгани тўғрисида 11 саҳифали баёнотни эълон қилган ва папанинг истеъфосини талаб қилган эди.

Ўтган йилнинг 15 август куни АҚШнинг Пенсильвания штати Ҳакамлар коллегияси 1950 йилдан бошлаб то шу кунгача католик черковининг 300 нафар руҳонийси штатнинг 6та епархиясида бир минг нафардан кўпроқ болаларни жинсий алоқа қилиб зўрлагани тўғрисидаги ҳужжатни эълон қилган.

Кейинроқ АҚШнинг Иллинойс штати прокуратураси сўнгги ўн йилликда 700 нафар католик руҳоний болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилган.

Рим папаси 2018 йилнинг 20 августида илк маротаба Рим-католик черковида бачабозлик мавжудлигини тан олган ва жамоатчиликдан узр сўраган эди.