25 февраль куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли (Жаслиқ) муассасада умрбод қамоқ муддатини ўтаётган маҳкум Искандар Худойберганов билан учрашди.
“Эзгулик” раҳбарининг Озодликка айтишича, Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмурияти ижтимоий тармоқларда Искандар Худойбергановнинг соғлиғи ҳақида турли тахминлар тарқагани ортидан мазкур учрашувни ташкил қилган.
Жаслиқда маҳкум билан учрашган Абдураҳмон Ташановга кўра¸ суҳбат давомида Худойберганов ўз саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлаган.
Айни пайтда суҳбат давомида маҳбус¸ ўзини озодликка чиқаришларини сўраб Олий судга назорат тартибида ариза ëзганини ҳам билдирган.
Хавфсизлик идоралари томонидан "Хизбут - таҳрир" диний оқимининг Ўзбекистондаги етакчиларидан бири сифатида кўрилган Искандар Худойберганов Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилган маҳкамада Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 14 та моддасида кўзда тутилган жиноятларда айбдор деб топилган ва 2002 йилнинг 28 ноябрида чиқарилган ҳукм билан унга ўлим жазоси тайинланган.
Ўзбекистон ўлим жазоси ижросига мораторий эълон қилиши ортидан 2007 йилда бу жазо умрбод қамоққа алмаштирилган.