Депутатлар, бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар қанча ойлик олиши маълум қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Молия вазирлиги «Газета.uz» сўрови бўйича давлат хизматчилари ойлик маошлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Маълумотда айтилишича, Олий Мажлис депутати 1 миллион 560 минг 413 сўм, вилоят ҳокими 1 миллион 889 минг 783 сўм, туман ҳокими 1 миллион 643 минг 329 сўм, Бош вазир ўринбосари 2 миллион 75 минг 955 сўм, вазир 1 миллион 727 минг 665 сўм, қўмита ва агентликлар раислари 1 миллион 643 минг 329 сўм ойлик олади.

Хабарда айтилишича, бу ойликка маошнинг 20 фоизи миқдорида алоҳида меҳнат шароитлари учун, 20−30 фоиз миқдорида белгиланган хизмат муддатини ўтагани учун устама қўшилади.

Бундан ташқари давлат хизматчилари ойликларига 40 фоиз миқдорида меҳнатни рағбатлаштириш коэффициенти қўшилади.

Кўп йиллик хизмат қилгани учун мансаб маошининг 20−30 фоизи миқдоридаги устама ва 15−25 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш берилади.

Молия вазирлиги тақдим этган маълумотда президент ва Бош вазирнинг ойликлари тўғрисида айтилмаган.